30 июнь – 1 июль кунлари Тожикистоннинг Исфара шаҳрида Халқаро туристик имкониятлар форуми ва кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Ўзбекистондан соғлиқни сақлаш, туризм, маданият соҳаларида фаолият юритувчи компания вакиллари иштирок этишди.
Юртимиз нафақат ўзининг табиати, хилма-хил ландшафти, флора ва фаунаси, тарихий обидалари билан, балки тиббий туризм бўйича имкониятлари билан ҳам хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризмнинг мазкур йўналинишини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. AKFA Medline вакиллари форум давомида юртимизнинг туристик салоҳияти ва тиббиёт марказида хирургия, нейрохирургия, неврология, терапия, физиотерапия, педиатрия, кардиология каби йўналишларда аҳоли саломатлигини тиклаш, мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ташриф буюрганларга батафсил маьлумот беришди.
AKFA Medline томонидан тиббий туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда асосий фаолияти бўйича минтақада етакчи ҳисобланган тиббиёт марказида нафақат юртимиз аҳолиси, балки қўшни, хорижий давлатларнинг фуқаролари ҳам даволанишмоқда.
Форумнинг расмий қисми якунланганидан сўнг B2B форматида учрашувлар ташкил этилди. Тадбирлар нихоясига етганидан кейин форум иштирокчилари “Зумрад” санаторийсига ташриф буюришди ва у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.